group-telegram.com/eltuz2022/32715
Last Update:
ВАЗИРНИНГ ХОТИРАЛАР КИТОБИДАН ПАРЧА
Собиқ Қишлоқ хўжалик вазири¸ Хоразм ҳокими Маркс Жуманиёзовнинг "Эсимда қолган онлар" китобидан парча:
"1986 йилнинг бошларида 18 йил обкомнинг биринчи котиби бўлиб ишлаган М.Худойбергановнинг нафақага чиқиши муносабати билан ишдан озод қилишди.
Олмалиқ шаҳар партия комитетининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Мираҳмад Мирқосимов обкомга биринчи котиб қилиб сайланди.
Пленум бўлишидан бир кун олдин обкомга, Мадёр аканинг ёнига бордим. Мадёр ака ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб, кетишга ҳозирланиб турган экан.
Мени самимий кутиб олдилар. Мен: «Бу нима қилганингиз, кечувда отларни алиштирмайдилар, деган гап бор. Нега ариза бердингиз? Шундай оғир вақтлар келганида бизларни ташлаб кетаверасизми?» дедим.
«Марксбой, гапингиз ўтмагандан кейин кетиш керак, давр шундай бўлиб колди», дедилар. Ундан-бундан суҳбатлашиб ўтирдик. Хайрлашиш олдидан
«Марксбой сиз тўғри йўл тутдингиз, 10 йил Ҳонкада раҳбар бўлиб, биронта одамни ёмонламадингиз, барчасини улуғлаб, яхши баҳолар бериб юрдингиз. Бугун қарасам, вилоят ташкилотларида ҳонқаликларнинг салмоғи жуда кўпайиб қолибди», дедилар.
Мен нафақат Ҳонқада, умуман умримда бировни ёмонлаган эмасман. Баъзи одамлар менга ёмонлик қилганда хам, уларни ёмонлаш у ёқда турсин, хеч нарса бўлмагандек, уларга яхшилик қилаверганман, яхши баҳо бериб юрганман.
Мадёр Худойбергановичнинг бевосита раҳбарлигида 16 йил ишладим. Айрим келишмовчиликлар ҳам бўлди, аммо мен доим ўз фикримни очиқ айтардим.
Мадёр ака ўз фикрини исботлаб айтгач, мен у кишининг топшириғини бажарардим. Умуман, у киши хато бўладими, нима қилсам ҳам ўз фикримни ўтказаман, деб манманлик қилмас эди.
Бир куни бир каналнинг бўйидан яёв юриб бораётганимизда Мадёр ака сўраб қолди: «Марксбой, ақлли киши ким, доно ким?» деб. Мен: «Билмайман», дедим.
«Ақлли киши шу каналга йиқилиб кетса, ақлини ишлатиб омон чиқади, дoнo киши бу каналга ҳеч вақт тушмайди», дедилар".