group-telegram.com/eltuz2022/32706
Last Update:
АРХИВ ХОДИМЛАРИНИНГ МАОШ МУАММОСИ ҚАЧОНГАЧА ДАВОМ ЭТАДИ?
Ассалому алайкум, ҳурматли Элтуз! Вилоят ва туманлардаги архив ходимларининг маошлари ҳақидаги муаммони ёритишингизни сўраймиз. Архив ходимларининг ойлик маоши ачинарли ҳолатда — атиги 1 миллион 800 минг сўм. Ишонасизми? Архив хизмати Адлия тизимига ўтган бўлса-да, вазият ҳали ҳам ўзгаришсиз қолган. Бу замонавий Ўзбекистон учун тўғри келадими?
Ҳар йили ойлик маошлар кўтарилади, деган ваъдалар берилади, аммо йил охиригача ҳеч қандай ўзгариш кузатилмайди. Биз сиз айтган "картушка пули" ёки бошқа ижтимоий ёрдамларни олмаймиз. Эрталабдан кечгача, ҳафтасига беш кун, 9:00 дан 18:00 гача, чанг-тўзонли ҳужжатлар орасида, 60–70 йиллик архив материаллари билан ишлаймиз. Бироқ, бундай оғир меҳнат учун бундай маош адолатлими?
Ойликлар ҳақида бошқарма раҳбарлари юқорига мурожаат қилолмайди. Сабаби, уларнинг шахсий манфаатлари юқоридаги раҳбарлар билан боғлиқ, ўзлари етарли даромад топса, бошқа ходимларнинг муаммолари билан иши йўқ. Архив ходимларининг шароитларини яхшилаш ва маошларни кўтариш ҳақида ҳеч қандай ташаббус йўқ.
Архивларда ишлаш тарихий ҳужжатларни сақлаб қолишдек муҳим вазифани бажариш демакдир. Янги Ўзбекистон тарих акс этган бу ҳужжатларга нима учун эътибор қаратмаяпти? Ижтимоий адолат ва тарихий аҳамият нуқтаи назаридан бу масала жуда муҳим. Илтимос, бу муаммони каналиингизда ёритинг. Биз сиздан жуда умидвормиз. Сизнинг хабарларингизни юқоридагилар ўқийди, деб эшитганмиз. Илтимос, бу масалага эътибор қаратинг.