group-telegram.com/eltuz2022/32078
Last Update:
БЎСТОНЛИҚ ТУМАНИ АҲОЛИСИ ЭКОЛОГИК МУАММОЛАРГА ЕЧИМ КУТМОҚДА
Бўстонлиқ тумани Боғчаовул МФЙ аҳолиси ҳудудда йиллар давомида тўпланиб қолган чиқиндини тозалашни сўраб мурожаат қилди.
Маҳалла ҳудудидан ўтувчи "Келес" ва "Бўзсув" каналлари табиий гўзаллик яратиб турган бўлса-да, икки канал оралиғига ташланаётган чиқиндилар бу манзарани бузиб, экологик мувозанатни издан чиқармоқда. Шикоятга кўра, асосан бошқа ҳудудда яшовчи шахслар келиб, ўз чиқиндиларини ташлаб кетяпти.
Маҳаллий аҳоли муаммони бартараф этиш мақсадида маҳалла раиси ва участка инспекторига бир неча бор мурожаат қилган, бироқ натижа кўзга ташланмаяпти. Юқори органларга йўлланган мурожаатлар ҳам жавобсиз қолмоқда.
Шунингдек, маҳалла тепаликларига қурилиш чиқиндилари ноқонуний равишда тўкиб кетилаётгани айтилади. Бу ҳолат нафақат маҳалла экологиясига, балки унинг туризм салоҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Маҳалла яқинида жойлашган Товоқсой шаршарасига баҳор ва ёз ойларида кўплаб туристлар ташриф буюришади. Аммо атрофдаги чиқиндилар бу жойнинг жозибаси ва сайёҳларнинг таассуротига салбий таъсир қилмоқда.
Маҳалла аҳолиси ҳукумат ва тегишли ташкилотлардан ушбу муаммони бартараф этиш, чиқиндиларни йиғиш ва ҳудудни тозалаш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини сўрамоқда.
Экологик масалаларга эътибор қаратиш нафақат ҳудуд аҳолисининг ҳаёт сифати, балки туризм ривожи учун ҳам муҳимдир.
Бундай вазиятда аҳоли саводхонлигини ошириш ва белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаб кетувчиларга нисбатан қонуний жазо чоралари кўриш зарур.